Old school Swatch Watches

Шанба куни ўтказиладиган 23-тур учрашувида жамоамиз Андижонда маҳаллий жамоа меҳмони бўлади.
Мазкур баҳс 23-турдан ўрин олган энг марказий учрашув сифатида баҳоланмоқда. Чунки андижонликлар бу йилги мавсумда ҳали ўз майдонларида бирор рақибга имкониятни бой беришмаган. "Пахтакор" эса ҳамон чемпионлик учун курашда давом этмоқда ва бундан умид узмаслиги учун Андижондан ҳам ғалаба билан қайтиши талаб қилинади. Шу сабабли ўйиннинг ўта кескин ва муросасиз тус олишини иккиланмасдан тахмин қилиш мумкин.
Шанба кунги беллашувда мезбонлар таркибида одатда асосий таркибда ўйнаб келаётган икки футболчи дисквалификация туфайли майдонга туша олмайди. Сариқ карточкалари сони тўрттага етгани сабабли ҳимоячи Александр Половков ва ярим ҳимоячи Мирзакамол Камолов учрашувни ўтказиб юборишга мажбур. Жамоамизда эса бундай муаммо юзага келмаган. Фақатгина Фарҳод Тожиев жароҳатини даволаш билан бандлиги туфайли биргина йўқотиш бор.
Биринчи даврада Тошкентда кечган учрашувда "Андижон" жуда муносиб ҳимояланган ва меҳмондан бир очко билан қайтганди. Ўшанда ҳисоб очилмаганди. Ўзаро баҳслар тарихига мурожаат қиладиган бўлсак, ҳозиргача ўтган 35беллашувнинг 26тасида "Пахтакор" ғалаба қозонган. 7 ўйинда дуранг қайд этилган бўлса, фақат икки учрашувда омад водийликлар тарафида бўлган. Голлар уриш борасидаги устунлик "шерлар" тарафида: 88-25. "Пахтакор"нинг энг йирик ғалабалари 6:1 ва 5:0дан иборат. Андижонликлар ҳар икки учрашувда 1:0 ҳисобида зафар қучишган. Охирги бор "Андижон" 2003 йилда ғалаба қозонган. Сўнгги икки йилда водийда ўтган беллашувлар дуранг билан якунланган.
"Андижон" - "Пахтакор" баҳсида хизмат қиладиган ПФЛ расмийлари рўйхати билан танишинг:
«Андижон» - «Пахтакор»
Ҳакамлар: Рустам Саидов (Тошкент), Нодир Тошматов (Фарғона), Алишер Усмонов (Тошкент), Ҳасан Рўзиев (Тошкент).
Назоратчи: Алишер Абдуллаев (Тошкент).
Эслатиб ўтамиз, "Андижон" -"Пахтакор" жамоаларининг асосий таркиблари учрашуви 16 октябрь, шанба куни Андижондаги "Соғлом авлод" стадионида соат 15:30да бошланади. Ўринбосарлар баҳси эса бир кун олдин соат 15:00да "Наврўз" стадионида бошланиши мўлжалланган.

Manba: pakhtakor.uz

217